Юкланмоқда

img

Фёдор Достоевский

Жаҳон адабиётида инсон руҳиятини Фёдор Михайлович Достоевскийчалик чуқур ва аёвсиз таҳлил қилган бошқа ёзувчи бўлмаса керак. 1821 йилда Москвада, шифокор оиласида туғилган Фёдорнинг ҳаёти кутилмаган фожиаларга тўла бўлди. Унинг ҳаётидаги энг даҳшатли воқеа 1849 йилда содир бўлди: ёш ёзувчи сиёсий тўгаракдаги иштироки учун ўлим жазосига ҳукм қилинди. Уни бошқа маҳбуслар билан майдонга олиб чиқиб, бошига қоп кийгизиб, отишга тайёрлашди. Милтиқлар ўқталган сўнгги сонияларда шоҳнинг афв фармони ўқиб эшиттирилди ва ўлим жазоси Сибир сургуни билан алмаштирилди. Ўлим билан юзма-юз келган ўша ўн дақиқа унинг дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборди ва кейинчалик унинг буюк асарларида акс этди. Сургундаги азоблар, эпилепсия (тутқаноқ) касаллиги ва қиморга бўлган иштиёқ ёзувчини бутун умр таъқиб қилди, аммо айнан шу қийинчиликлар унинг ижодини юксак чўққига олиб чиқди. Унинг энг машҳур «Жиноят ва жазо» романи талаба Расколниковнинг ўзини «олий тоифа»га мансублигини исботлаш учун кампирни ўлдириши ва кейинги виждон азоблари ҳақидадир. Бу асар орқали Достоевский жиноят ҳуқуқий масала эмас, балки руҳий фожиа эканлигини кўрсатди. «Телба» (Идиот) романида эса у мутлақо софдил ва беғубор инсон — князь Мишкиннинг шафқациз жамиятдаги тақдирини ёритиб берди. Ёзувчининг сўнгги ва энг улкан асари «Ака-ука Карамазовлар» бўлиб, у Худо, эътиқод ва инсоний эҳтирослар ҳақидаги буюк баҳсдир. Достоевский инсон қалбини Худо ва шайтон ўртасидаги жанг майдони деб билди. Унинг қаҳрамонлари доимо ўз йўлини қидиради, азоб чекади ва шу азоб орқали покланади. 1881 йилда вафот этган бу даҳо ёзувчи нафақат рус, балки бутун инсониятнинг энг оғир саволларига жавоб излаган мутафаккир сифатида тарихда қолди.

Муаллифнинг китоблари

Барчасини кўриш