Маҳсулот ҳақида
Инсон — бу ёруғ дунёнинг энг азизу мукаррам хилқати, ҳаёт гултожисидир. У дунёга бир маротаба келади, лекин турмуши бир маромда кечмайди. У балоғатга эришгунча кўпдан-кўп сўқмоқларни босиб ўтади, тўсиқларга дуч келади, бу синовли дунёнинг бешафқат сиру синоатларини бошидан кечиради. Шу маънода Баҳодир Умурзоқовнинг собиқ шўролар даврида бегуноҳ қатағон этилиб, айни навқирон чоғларида Сталин лагерларида фожиали вафот этган бобоси, қатағон даври жабрдийдалари бўлган оила аъзоларининг уруш йиллари ва ундан кейинги даврдаги машаққатли ҳаёти ва аянчли тақдирларига холисона назар ташлаши, шу мавзуда баҳоли қудрат қалам тебратиши барча инсонлар, айниқса бугунги ёшлар учун ниҳоятда ибратлидир. Муҳтарам китобхон, бир вақтлар баъзи одамлар қўлларини бигиз қилиб, «Халқ душмани», «Кулакнинг боласи» деб азиз номини бадном қилган ва ҳар қадамда камситиб, ҳол-жонига қўймаган бечора жабрдийдаларнинг тақдири билан яқиндан танишайлик, уларнинг ўзлари айтиб беролмаган дардларига ҳамдард бўлайлик.





