img

Эркин Аъзам

Эркин Аъзам (Эркин Норқобилович Аъзамов) 1950 йил 10 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. Эркин Аъзам 1967 йилда ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга кирган ва уни 1972 йилда муваффақиятли битирган. Меҳнат фаолиятини республика радиосида муҳаррир сифатида бошлаган. Кейинчалик «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири лавозимларида ишлаган. 1992–1994 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари бўлиб фаолият юритган. 1995 йилдан буён «Тафаккур» журналининг бош муҳаррири ҳисобланади. Шунингдек, у I ва II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Ёзувчининг илк ижод намуналари мактаб давридан бошланган бўлиб, «Инсон» номли илк ҳикояси 1966 йилда вилоят газетасида чоп этилган. 1977 йилда эса унинг «Чироқлар ўчмаган кеча» номли илк ҳикоялар тўплами нашрдан чиқди. Кейинги йилларда адибнинг бир қатор асарлари китобхонлар қўлига тегди: «Отойининг туғилган йили» (1981) ушбу тўплам учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофотига сазовор бўлган; «Олам ям-яшил» (1984); «Жавоб» (1986); «Байрамдан бошқа кунлар» (1988); «Мир в цветах» (1999); «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001); «Кечикаётган одам» (2002). Адибнинг «Жаннат ўзи қайдадур», «Шажара», «Фаррош кампирнинг туши», «Хонадон эгаси», «Танҳо қайиқ ёхуд девонанинг орзуси» каби асарлари асосида республика театрларида саҳна асарлари намойиш этилган. Эркин Аъзам ўзбек киноси ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг сценарийлари асосида суратга олинган «Чантриморэ», «Паризод», «Пиёда», «Дилхирож», «Эркак», «Забаржад» ва «Сув ёқалаб» каби фильмлар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. Хусусан, «Дилхирож» фильми Германия ва Франция телеканаллари орқали намойиш этилган ва унинг нусхаси Япониядаги Фукуока музейида сақланади. «Эркак» фильми «Киношок» фестивалида «Энг яхши сценарий» номинациясида ғолиб бўлган ва Везул кинофестивалида Гран-прини қўлга киритган. «Сув ёқалаб» фильми «Золотой Витязь» фестивалида кумуш совринга лойиқ кўрилган. «Паризод» фильми «Киношок» фестивалида бош соврин соҳиби бўлган. Адибнинг асарлари рус, украин, беларусь, қозоқ, тожик, туркман, болгар, грузин ва бошқа тилларга таржима қилинган. 2015 йилда унинг қиссалар тўплами Англия ва Францияда нашр этилди. Унинг ижодида инсоний эрк ва маънавий озодлик масалалари бош мезон ҳисобланади.

Муаллифнинг китоблари

Барчасини кўриш