Юкланмоқда

img

Жек Лондон

Америкалик машҳур ёзувчи Жек Лондон (асл исми Жон Гриффит Чейни) 1876 йилда Сан-Францискода дунёга келган. Унинг ҳаёти саргузашт фильмларини эслатади, чунки у ёзувчи бўлишидан олдин деярли барча қора ишларни қилиб кўрган. Болалиги ўта қашшоқликда ўтган Жек эрта ёшданоқ газета сотувчиси, консерва заводи ишчиси, денгизчи ва ҳатто «устрица қароқчиси» бўлиб ишлаган. Бу оғир меҳнат ва денгиз сафарлари унинг характерини чиниқтирди ва бўлажак асарлари учун бой мавзу бўлиб хизмат қилди. Ёзувчи ҳаётидаги бурилиш нуқтаси «Олтин васвасаси» даврига тўғри келди. У бойлик орттириш умидида Аляскага, Клондайкка йўл олди. Гарчи у ердан бир грамм ҳам олтин топиб қайтмаган бўлса-да, у олтиндан қимматроқ хазина — ҳаётий тажриба ва ажойиб ҳикоялар сюжетини олиб келди. Айнан Шимолнинг аёзли табиати, инсон ва табиат ўртасидаги шафқациз кураш унинг «Оқ сўйлоқ» (White Fang), «Ёввойилик чақириғи» ва «Ҳаётга муҳаббат» каби ўлмас асарларида акс этди. Жек Лондон ўз устида тинимсиз ишловчи инсон эди. У кунига маълум миқдорда сўз ёзишни ўзига қоида қилиб олган ва бу тартибни ҳеч қачон бузмаган. Унинг «Мартин Иден» романи кўп жиҳатдан автобиографик асар бўлиб, унда оддий денгизчининг илмга ва ёзувчиликка бўлган машаққатли йўли тасвирланади. Бу асар миллионлаб ёшларни ўз мақсади сари курашишга илҳомлантириб келмоқда. Минг афсуски, тинимсиз меҳнат ва руҳий зўриқишлар ўз кучини кўрсатди: дунёдаги энг кўп ҳақ тўланадиган биринчи ёзувчи бўлган Жек Лондон 1916 йилда, айни кучга тўлган пайтида, 40 ёшида вафот этди.

Муаллифнинг китоблари

Барчасини кўриш