Юкланмоқда
Жаҳон адабиёти тарихида ўзининг сеҳрли эртаклари ва афсоналари билан ном қолдирган швед ёзувчиси Сельма Лагерлёф 1858 йилда Швециянинг Морбакка қўрғонида дунёга келган. Унинг болалиги осон кечмаган: уч ёшида оғир касаллик туфайли оёқлари фалаж бўлиб қолган қизалоқ узоқ вақт тўшакка михланиб ётади. Айнан шу даврда у бувиси айтиб берган эртак ва ривоятлар оламига шўнғиб кетади, бу эса кейинчалик унинг буюк ёзувчи бўлиб шаклланишига замин яратади. Гарчи кейинчалик даволаниб, юриб кетган бўлса-да, болаликдаги хаёлпарастлик унга бир умр ҳамроҳ бўлиб қолди. Сельма дастлаб ўқитувчи бўлиб ишлади, аммо ижодга бўлган иштиёқ уни тинч қўймасди. Сельма Лагерлёф номини дунёга машҳур қилган асар — бу «Нилснинг ёввойи ғозлар билан ажойиб саёҳати» китобидир. Қизиғи шундаки, бу асар аслида мактаб ўқувчилари учун Швеция географияси бўйича дарслик сифатида ёзилиши керак эди. Аммо ёзувчининг маҳорати туфайли у қуруқ дарслик эмас, балки шўх ва ўзбошимча бола Нилснинг ғозлар галасида бутун мамлакат бўйлаб қилган сеҳрли саёҳати ҳақидаги ажойиб эртакка айланди. Бу китоб орқали болалар ўз ватанини севишни, табиатни асрашни ва дўстликни ўрганишди. 1909 йилда Сельма Лагерлёф адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган дунёдаги биринчи аёл бўлди. Бу ютуқ унга нафақат шон-шуҳрат, балки моддий имконият ҳам берди: у мукофот пулига отасидан қолган ва қарзлар туфайли сотилиб кетган қадрдон Морбакка қўрғонини қайтариб сотиб олди. У умрининг охиригача шу ерда яшаб, болалар ва катталар учун ажойиб асарлар ёзди. 1940 йилда вафот этган ёзувчи Швеция рамзларидан бирига айланди, унинг портрети ҳатто мамлакат пул бирлиги — кронада ҳам тасвирланган.