- 07.01.2026
Дунёдаги энг қадимги нашриёт қачон ташкил топган?
Дунёда шундай корхоналар борки, улар нафақат фойда олиш, балки бутун бошли соҳаларга тамал тошини қўйиш билан тарихда қолган. Уларнинг муваффақияти ортида жасорат, инновация ва асрларга татигулик меҳнат ётади. Ёзма манбаларга кўра, дунёдаги энг қадимги меҳмонхона 705 йилда Япониянинг Яманаши префектурасида очилган. Ҳайратланарлиси шундаки, ушбу дам олиш маскани 1300 йилдан ортиқ вақт давомида бир хил оиланинг 52 авлоди томонидан бошқариб келинмоқда. Унинг асосчиси – Нишияма Онсен Кеиункан. Молия тизимининг кашфиётларидан бири Италиянинг Сиена шаҳрида жойлашган. 1472 йилда асос солинган ушбу банк ҳозирги кунгача ўз фаолиятини тўхтатмаган дунёдаги энг қадимги банк ҳисобланади. У дастлаб камбағалларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган эди. Дунёдаги энг қадимги ва ҳали ҳам фаолият юритаётган Ал-Қаравиййин олий таълим муассасаси Ғарбда эмас, балки Шарқда – Марокашнинг Фес шаҳрида жойлашган. Эътиборлиси, ушбу университетга 859 йилда Фотима ал-Фихрий исмли аёл асос солган. Хўш, дунёдаги илк нашриёт қаерда ва қачон ташкил этилгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Мана, тарихий ҳақиқат... Нашриёт оламининг тамал тоши 1488 йилда Швейцариянинг Базел шаҳрида қўйилган. Йоханнес Петри томонидан асос солинган ушбу корхона, ҳали «ноширлик» тушунчаси расмий шаклланмаган бир даврда китоб чоп этишни саноат даражасига олиб чиққан. Петри нафақат китоб босган, балки замонавий маънодаги биринчи «бош муҳаррир» вазифасини ҳам бажарган. Бугунги кунда «Schwabe Verlag» номи билан танилган ушбу даргоҳнинг асосчиси Йоханнес босмахонада оддийгина уста бўлган. У матбаачиликнинг отаси ҳисобланган Йоханнес Гутенбергнинг шогирди эди. У Майнц шаҳрида Гутенбергдан сабоқ олган ва кейинчалик, 1488 йилда Базел фуқаролигини қабул қилган. Бу ерда у матбаа ва нашриёт жамоасини шакллантиришда муҳим роль ўйнади ва 1488 йилнинг ноябрь ойида ўзининг «Петри» нашриётига асос солди. Петри ўша даврнинг энг нуфузли муаллифлари ва нодир асарларини чоп этиш орқали замонавий нашриёт мантиқини ҳаётга татбиқ этди. Қуйидаги функциялар илк бор айнан Петри томонидан амалга оширилди: – Нашр дастурини тузиш: қайси китоб қачон чиқишини режалаштириш; – Муаллифлар билан ишлаш: ёзувчи ва унинг асарини саралаш; – Тарқатиш тизими: босмадан чиққан асарларни ўқувчиларга етказишни ташкил қилиш. Шу нуқтаи назардан қараганда, Йоханнес Петрини дунёдаги илк бош муҳаррир деб аташ мутлақо ўринлидир. Швейцария ва Германияда филиаллари бўлган «Schwabe Verlag» бугунги кунда дунёдаги энг узоқ вақтдан бери фаолият юритиб келаётган нашриёт сифатида тан олинади.
Мижозлар томонидан 1 та фикр билдирилган.
Lilya
08.01.2026 10:50Saytingizning ishga tushganidan xursandman, foydali ma'lumotlarni ko'proq bersangiz zo'r bo'lardi