- 22.05.2026
Билим сарҳад билмайди: “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Ernst Klett Sprachen” ҳамкорлигининг янги даври
Китоб — бу ўзига хос кўприк. У нафақат ўтмиш ва келажакни, балки бутунлай бошқа-бошқа қитъаларда яшовчи халқларни ҳам бир-бирига боғлай олади. Бир асрлик шонли тарихга эга “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ва Германиянинг нуфузли “Ernst Klett Sprachen” нашриёти ўртасида имзоланган 5 йиллик стратегик келишув нафақат матбаачилик, балки бутун таълим тизимимиз учун диққатга сазовор воқелик бўлди.
Қитъаларни бирлаштирган умумий мақсад
Хўш, Тошкент ва Штутгарт каби бир-биридан минглаб километр узоқликда жойлашган бу икки нашриётни нима бирлаштирди?
Жавоб жуда оддий ва ҳаётий: инсон капиталига сармоя киритиш ва таълим сифатини энг илғор жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш.
1924 йилдан буён халқимизнинг маърифат чироғи бўлиб келаётган “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ўзининг ниҳоятда бой ва шонли анъаналарига эга. “Ernst Klett Sprachen” эса 127 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритувчи, 26 дан зиёд тилларда замонавий дарсликлар яратувчи ҳақиқий таълим гигантидир. Бу икки улкан тажриба мактабининг бирлашиши юртимиз ёшлари учун сифатли таълим эшикларини кенгроқ очади.
Ушбу шартнома қоғоздаги қуруқ ҳисоботлар эмас, балки оддий халқимизнинг, фарзандларимизнинг бевосита манфаатлари учун хизмат қилади. Делегация раҳбарлари Маттҳиас Рупп ва Ҳелене Стаднюк ҳамда ўзбек мутахассислари иккита жуда муҳим, ҳаётий эҳтиёжга айланган масалага эътибор қаратдилар:
Биринчи масала , меҳнат мигрантлари учун тезкор ва сифатли тил таълими: бугунги кунда хорижда, хусусан Германияда ўқиш ёки ишлаш истагидаги юртдошларимиз кўп. Уларга немис тилини қисқа вақт ичида, сифатли ва энг замонавий усулларда ўргатувчи махсус адабиётлар айнан шу ҳамкорлик мевасига айланади. Эндиликда тилни ўрганиш осонроқ, тизимлироқ ва қулайроқ бўлади.
Иккинчи масала эса мактаб ўқувчилари учун янги авлод дарсликлари: умумтаълим мактабларимизда хорижий тилларни, айниқса, немис тилини ўқитишда Klett нашриётининг илғор методикалари жорий этилади. Бу шуни англатадики, фарзандларимиз тилни шунчаки қоидалар йиғиндиси сифатида эмас, балки халқаро услублар асосида, қизиқарли ва табиий равишда ўрганадилар.
Ҳамкорлик фақат ғоялар алмашинуви билангина чекланиб қолмади. Немис мутахассислари “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйидаги замонавий ишлаб чиқариш цехларини, юқори тезликда ишловчи босма ускуналарни кўздан кечириб, матбаачиларимизнинг профессионаллигига юқори баҳо бердилар. Уларнинг эътирофича, биздаги технологик жараёнлар Европа стандартларига тўлақонли жавоб беради.
Аммо учрашувнинг энг таъсирли жиҳати ўзаро маданий ҳурмат бўлди. Хорижлик меҳмонлар Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди. Улар халқимизнинг қадимий тарихи, дунё илм-фанига қўшган улкан ҳиссаси ва бугунги кунда Учинчи Ренессанс сари қўяётган қадамлари билан яқиндан танишар экан, нақадар буюк маънавий мерос эгалари билан ҳамкорлик қилаётганликларини ҳис этишди. Бу муносабатлар фақатгина бизнес эмас, балки чуқур ҳурмат ва ишончга асосланганидан далолатдир.
Мухтасар қилиб айтганда, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Ernst Klett Sprachen” ўртасидаги ушбу стратегик шартнома матбаа ва нашриёт соҳасида янги саҳифа очибгина қолмай, Ўзбекистон таълим тизими ривожи учун мустаҳкам пойдевор яратади. Сифатли таълимга интилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва маънавий меросга бўлган юксак эҳтиром — икки халқ ва икки нашриётни ёруғ келажак сари етакловчи энг кучли риштага айланди.
Лобар ҚАНДАҲОРОВА
Мижозлар томонидан 0 та фикр билдирилган.