Юкланмоқда
Инглиз адабиётининг энг сермаҳсул ва ўқувчилари энг кўп ёзувчиларидан бири бўлган Уильям Сомерсет Моэм 1874 йилда Парижда, Британия элчихонаси ходими оиласида дунёга келган. Қизиғи шундаки, бўлажак ёзувчи 10 ёшига қадар фақат француз тилида гаплашган, инглиз тилини эса кейинчалик ўрганган. Унинг ҳаёти худди саргузашт асарларига ўхшайди: у дастлаб тиббиётни ўрганиб, шифокорлик дипломини олган. Айнан касалхонадаги фаолияти унга инсон табиати, дард ва азобларни чуқур ўрганишга ёрдам берган. У шифокорликни «ёзувчи учун энг яхши мактаб» деб ҳисоблаган. Моэм нафақат ёзувчи, балки Биринчи жаҳон уруши даврида Британия разведкаси (MI6) агенти — жосус ҳам бўлган. У махфий топшириқлар билан Швейцария ва Россияга борган. Бу хавфли фаолият унинг кейинги асарларида ўз аксини топган. Урушдан сўнг у Шарқ мамлакатлари, Хитой ва Тинч океани ороллари бўйлаб узоқ саёҳатларга чиқади. Унинг ҳикояларидаги экзотик манзаралар ва ғаройиб қаҳрамонлар айнан шу саёҳатлар мевасидир. Адиб ўз асарларида инсонни борича, пардозсиз тасвирлашни яхши кўрарди. Унинг услуби содда, аммо ўткир кинояга бой. Моэм инсонларнинг иккиюзламачилиги ва эҳтиросларини моҳирлик билан очиб берган. Унинг энг машҳур «Ой ва сариқ чақа» (The Moon and Sixpence) романи рассом Поль Гоген ҳаётига асосланган бўлса, «Инсоний эҳтирослар» (Of Human Bondage) асари қисман ўз ҳаётидан олинган автобиографик роман ҳисобланади. У 91 йил умр кўриб, 1965 йилда Францияда вафот этган ва ўзидан бой адабий мерос қолдирган.