img

Мо Ян

Хитой адабиётининг тирик афсонаси ва 2012 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган адиб Мо Янь (асл исми Гуань Мое) 1955 йилда Шаньдун провинциясида, оддий деҳқон оиласида дунёга келган. Унинг болалиги Хитойдаги Маданий инқилоб даврига тўғри келди; очлик ва қашшоқлик сабабли у 11 ёшидаёқ мактабни ташлаб, чорвачилик ва кейинчалик заводда ишлашга мажбур бўлди. Ўша сиёсий қатағон йилларида ота-онаси унга кўчада ортиқча гапирмасликни қаттиқ уқтиришган эди. Айнан шу сабабли у ўзига «Мо Янь», яъни «Гапирма» деган тахаллусни танлади. Аммо у ёзувчи сифатида бутун дунёга шундай баралла овоз билан гапирдики, унинг сўзлари миллионлаб қалбларга етиб борди. Унинг асарларида халқ оғзаки ижоди, тарих ва замонавийлик ғайриоддий тарзда уйғунлашиб кетади; буни адабиётшунослар «галлюцинатор реализм» деб аташади. Ёзувчига жаҳон миқёсидаги машҳурликни унинг «Қизил жўхори» романи олиб келди. Бу асар асосида машҳур режиссёр Чжан Имоу фильм суратга олган ва у халқаро кинофестивалларда катта муваффақият қозонган. Шунингдек, унинг «Ҳаёт-мамот исканжаси» романи жуда қизиқарли ва фалсафий сюжетга эга: асарда адолатсиз қатл қилинган бой ер эгасининг руҳи эшак, ҳўкиз, чўчқа, ит ва маймун қиёфасида қайта туғилиб, Хитой қишлоқларининг сўнгги ярим асрлик тарихини ҳайвонлар кўзи билан кузатади. Мо Янь ўз асарларида ўта шафқациз реалликни мифология ва қора юмор билан шундай боғлайдики, ўқувчи воқеалар қанчалик фожиали бўлмасин, китобни қўлдан қўя олмайди.

Муаллифнинг китоблари

Барчасини кўриш